ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик / Ўрмонлардан фойдаланиш. Ўрмон фондига кирмайдиган ўсимлик дунёсидан фойдаланиш /

O`z DSt 3620:2022. Ўзбекистон Республикасининг Давлат стандарти. Зарур доривор ўсимликларни маданийлаштириш ва териб олиш амалиёти (АВ томонидан 09.09.2022 й. 108-сон билан рўйхатга олинган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директорининг 04.08.2022 й. 05-1445-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 сентябрда 108-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Инвестициялар ва ташқи савдо

вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон

техник жиҳатдан тартибга солиш

агентлиги бош директорининг

2022 йил 4 августдаги

05-1445-сон буйруғига

ИЛОВА



O`z DSt 3620:2022



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ СТАНДАРТИ

   

Зарур доривор ўсимликларни

маданийлаштириш ва териб олиш амалиёти


Ушбу давлат стандарти доривор ўсимликларни маданийлаштириш, уларни йиғиб олиш ва уларга ишлов бериш жараёнига бўлган талабларни белгилайди.

Мазкур давлат стандарти доривор ўсимлик хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар учун мўлжалланган.



1-БОБ. АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР

        

1. Ушбу давлат стандартида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ўсимликлардан олинган тайёр маҳсулотлар - бир ёки бир нечта ўсимликлардан тайёрланган ўсимлик препаратларидир. Бир нечта ўсимликлардан тайёрланган ўсимлик препаратлари учун ўсимликлардан олинадиган аралаш маҳсулот атамаси ҳам қўлланилиши мумкин. Ўсимликлардан олинган тайёр маҳсулотлар фаол таркибий қисмлардан ташқари, қўшимча равишда ёрдамчи моддаларни ўз ичига олиши мумкин. Ўсимликдан олинган тайёр маҳсулотлар ўсимликдан олинмаган органик ёки ноорганик фаол моддаларни (масалан, ҳайвон ва минераллардан олинган моддалар) ўз ичига олиши мумкин.

Кимёвий фаол моддалар қўшилган тайёр маҳсулотлар, шу жумладан синтетик бирикмалар ва/ёки доривор ўсимлик хом ашёсининг компонентлари ўсимликлардан олинган тайёр маҳсулот ҳисобланмайди;


ифлосланиш - ишлаб чиқариш, намуналар олиш, қадоқлаш ёки қайта қадоқлаш, сақлаш ёки транспортда ташиш жараёнида кимёвий ёки микробиологик ифлослантирувчи моддалар ёки бегона қўшимчаларнинг номақбул тушиши;


доривор ўсимлик - доривор мақсадларда ишлатиладиган ўсимлик (ёввойи ёки маданий). Ўсимликлардан олинган доривор воситаларга доривор ўсимликлар, доривор ўсимлик хом ашёлари, ўсимлик препаратлари ва ўсимликлардан олинган тайёр доривор маҳсулотлар киради;


ўсимликлар - бутун, бўлаклар ёки кукун шаклида тақдим этилиши мумкин бўлган ўсимликларнинг барглари, гуллари, мевалари, уруғлари, поялари, ёғочлари, пўстлоқлари, илдизлари, илдизпоялари ёки бошқа қайта ишлов берилмаган қисмлари;


ўсимлик хом ашёси - ўсимликлардан ташқари янги шарбатлар, камед (ўсимлик шираси), ёғли мойлар, эфир мойлари, қатронлар ва ўсимликларнинг қуруқ кукунлари.



2-БОБ. ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАРНИ

МАДАНИЙЛАШТИРИШДА ЗАРУР АМАЛИЁТ


1-§. Уруғлар ва кўпайтириш учун

бошқа материаллар

        

2. Уруғлар ва кўпайтириш учун бошқа материаллар тўғри танланиши керак. Уруғлар ва кўпайтириш учун бошқа материалларга тааллуқли идентификация, сифат ва бошқа хусусиятлар, мумкин бўлган ҳолларда, уларнинг етиштирилиш тарихи бўйича барча зарур маълумотлар мавжуд бўлиши керак. Соғлом ўсимликларнинг ўсишини таъминлаш учун кўпайтириш ёки экиш учун материаллар сифатли ва имкон қадар, ифлосланиш ва касалликлардан ҳоли бўлиши керак.

Бунда, уруғлар ва кўпайтириш учун бошқа материалларнинг биотик ва абиотик омилларга чидамлилиги уларни танлашда устуворлик беради.


3. Органик маҳсулотлар учун ишлатиладиган уруғлар ва кўпайтириш учун бошқа материаллар органик усулда олинганлигини аниқлаш керак. Кўпайтириш учун материалнинг сифати, шу жумладан генетик жиҳатдан ҳар қандай ўзгартириш минтақавий ва/ёки миллий талабларга жавоб бериши ҳамда бу тегишли синов ҳужжатларида қайд этилган бўлиши керак.


4. Кўпайтириш учун танлаб олинадиган уруғлар ва бошқа материаллар бегона ўсимлик турлари ва навлари билан аралашиб кетишига йўл қўйилмаслиги лозим. Бунда, танлаб олинган уруғлар ва бошқа материаллар орасидан сифатсиз ва аралаш материаллар чиқариб ташланиши керак.



2-§. Маданийлаштириш

      

5. Доривор ўсимликларни маданийлаштириш бўйича илмий маълумотларни ўз ичига олган нашрлар ёки ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, анъанавий етиштириш усулларига риоя қилиш ёки илмий тадқиқотлар жараёнида тегишли услубиятларни ишлаб чиқиш лозим.


6. Доривор ўсимликларни маданийлаштиришда уларни тўғри етиштириш тамойилларига риоя қилиш, шу жумладан атроф-муҳит шароитларига қараб танланган ўсимликларни тўғри ротация қилиш, ўсимликларнинг ўсиши ва бошқа эҳтиёжларига қараб тупроқни қайта ишлаш керак.


7. Органик моддаларни тўплаш ва тупроқ намлигини сақлаб қолиш учун қишлоқ хўжалигини муҳофаза қилиш (онсерватион Агриултуре (СА)) технологиясидан фойдаланиш керак.


8. Тупроққа, ҳавога ва сувга зарарли кимёвий моддалар тушиши натижасида ўсимликларнинг ифлосланиш хавфининг олди олиниши лозим. Доривор ўсимликларни маданийлаштиришда танланган ер участкаси илгари қандай мақсадларда ишлатилганлиги (масалан, экинлар етиштирганлиги, ишлаб чиқариш майдони сифатида фойдаланилганлиги) ҳисобга олинади. Шунингдек, ушбу ер участкасида илгари доривор ўсимликларни етиштириш жараёнида қўлланилган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланганлик оқибатлари баҳоланади.



3-§. Иқлим ва тупроқ

         

9. Доривор ўсимликларни етиштириш жараёнида куннинг узунлиги, ёғингарчилик (сув таъминоти) ва ҳарорат каби иқлим шароитлари, шунингдек уларнинг доривор ўсимликларнинг физик, кимёвий ва биологик сифатларига таъсири тўғрисидаги маълумотлар олдиндан аниқланиши лозим.


10. Доривор ўсимликларнинг яхши ўсиши ва сифатини таъминлаш учун тупроқда зарур миқдордаги озуқа ва органик моддалар, шунингдек бошқа элементлар бўлиши керак. Энг яхши тупроқ шароитларини танлаш, жумладан тупроқ тури, дренажи, намликни сақлаш, унумдорлик ва кислоталилик (пҲ) доривор ўсимлик тури ва/ёки уларнинг қисмларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


11. Доривор ўсимликларни етиштириш жараёнида инсон нажаслари ўғит сифатида ишлатилмаслиги керак. Ҳайвонларнинг гўнги микробларнинг мақбул даражасини белгиловчи санитария қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш ва бегона ўтларнинг ўсишини олдини олиш мақсадида пухталик билан компостерланиши керак. Ҳайвонларнинг гўнгидан ҳар қандай фойдаланишлар ёзиб борилиши керак.

Ўғитлар тупроқдаги ишқорни минимал даражада ювилишини таъминлайдиган миқдорда қўлланилиши керак.



4-§. Ўсимликларни парваришлаш, суғориш,

дренажлаш ва ҳимоя қилиш

          

12. Доривор ўсимликларнинг яхши ўсишини таъминлаш ёки зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун ишлатиладиган ҳар қандай агрокимёвий моддалар минимал миқдорда ва бошқа муқобил чоралар бўлмагандагина ишлатилиши керак. Зарурат бўлганда, зараркунандаларга қарши комплекс кураш олиб борилиши лозим.


13. Пестицидлар ва гербицидларнинг ҳар бир қўлланилиши тўғрисидаги ёзувлар қайд этиб борилиши лозим. Пестицидлар ва гербицидлар билан ишлов берилган вақт ва ўрим-йиғим вақти орасидаги минимал вақт оралиғи қўлланган воситанинг қадоқлаш варақасидаги ёрлиқ ва/ёки маълумотларга мувофиқ бўлиши керак. Доривор ўсимликларни етиштириш ва доривор ўсимлик хом ашёсини ишлаб чиқаришда пеститсидлар ва гербицидларнинг қолдиқ моддалари рухсат этилган максимал миқдорлардан ошиб кетмаслиги лозим.


14. Доривор ўсимликлар ўсишининг турли босқичларида уларнинг эҳтиёжларига мувофиқ суғориш ва дренажлашни амалга ошириш ҳамда мазкур ишлар назорат қилиниши лозим. Суғориш учун ишлатиладиган сув унинг сифатини белгиловчи стандартларга мувофиқ бўлиши керак.



3-БОБ. ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАРНИ ЙИҒИБ

ОЛИШ БЎЙИЧА ЗАРУР АМАЛИЁТ

        

15. Ҳосилни йиғиб олишнинг энг мақбул вақти (мавсум/давр/сутканинг қисми) биринчи навбатда биологик фаол таркибий қисмларнинг сифати ва миқдори бўйича, сўнгра фойдаланиладиган доривор ўсимлик қисмларининг умумий йиғиб олиниши бўйича белгиланиши керак. Ҳосилни йиғиб олиш вақтида бегона моддалар ва ўтлар ёки заҳарли ўсимликлар доривор ўсимлик хом ашёларига тушмаслиги керак.


16. Доривор ўсимликларнинг ҳосили энг мақбул шароитларда, юқори намликдан ҳоли, хусусан шудринг ёки ёмғир ёғмаган вақтларда йиғиб олиниши лозим. Агар ҳосилни йиғиб олиш юқори намлик шароитида амалга оширилса, йиғиб олинган хом ашё қуритиш учун дарҳол ёпиқ қуритгичларга ўтказилиши зарур.


17. Кесиш асбоблари, тозалаш машиналари ва бошқа мосламалар тоза ва соз ҳолда бўлиши керак. Улар тоза, қуруқ, шунингдек ҳашаротлар, кемирувчилар, қушлар ва бошқа зараркунандалар, чорва ҳамда уй ҳайвонлари мавжуд бўлмаган жойда сақланиши керак.


18. Йиғиб олинган доривор ўсимлик хом ашёсига микробларнинг тушишини олдини олиш мақсадида, хом ашё имкон қадар тупроқ тушишидан ҳимояланиши лозим. Ўсимликларнинг ерости қисмларидан (масалан, илдизларидан) олинган хом ашё йиғиб олингандан сўнг дарҳол тупроқдан тозаланиши лозим. Йиғиб олинган доривор ўсимлик хом ашёлари дарҳол тоза ва қуруқ идишларга (масалан, тоза саватлар, қуруқ қоплар) жойлаштирилиши керак.


19. Ҳосилни йиғиб олиш учун ишлатиладиган барча идишлар тоза ҳолда, ҳашаротлар, кемирувчилар, қушлар ва бошқа зараркунандалардан ҳимояланган, чорва ёки уй ҳайвонлари ета олмайдиган қуруқ жойларда сақланиши лозим.

Бунда, идишлар аввалги ҳосилдан олинган доривор ўсимликлар ва бегона моддалар билан ифлосланмаган бўлиши керак. Пластик идишлардан фойдаланганда, уларда моғор пайдо бўлишига олиб келадиган намлик қолдиқлари бўлмаслиги лозим.


20. Доривор ўсимлик хом ашёсининг ҳар қандай механик шикастланишига ёки сиқилишига йўл қўймаслик лозим (масалан қоплар ёки халталарнинг ҳаддан ташқари зич жойлаштирилиши, уларнинг бир-бирининг устига қўйилиши каби ҳолатлар).

Микроблар билан ифлосланиш ва маҳсулот сифатини йўқотишнинг олдини олиш мақсадида хом ашёни йиғиб олиш ва текшириш вақтида зарарланган доривор хом ашёлар чиқариб ташланиши лозим. Бунда, зарарланган доривор хом ашёлар такроран текширилиши ҳамда яроқли деб топилса, қайта ишлашга юборилиши зарур.


21. Доривор ўсимликларни йиғиб олиш бўйича режа уларнинг барқарор йиғиб олинишини таъминлаши ҳамда ҳар бир доривор ўсимлик турига ва уларнинг ишлатиладиган қисмларига (илдизлар, барглар, мевалар ва бошқалар) мос келадиган йиғиб олиш қоидаларини ўз ичига олиши зарур.


22. Доривор ўсимликларни йиғиб олишдан олдин экспедиция учун зарур бўлувчи маълумотлар, хусусан ўсимликларнинг географик тарқалиши ва зичлигини аниқлаш лозим.


23. Доривор ўсимликларни йиғиб олишда ушбу жараённинг маҳаллий аҳолига ижтимоий таъсири ўрганилиши ва мазкур фаолиятнинг экологияга таъсири таҳлил қилиб борилиши лозим.


24. Доривор ўсимликларни йиғиб олишда давлат фармакопеяси ёки буюртмачи томонидан кўрсатилган, доривор ўсимлик маҳсулотлари учун бошланғич материал сифатида тавсия этилган ўсимлик тур (нав)лари танланиши керак.


25. Доривор ўсимликларни йиғиб олиш жараёни ёввойи ўсимликларнинг кўпайишига олиб келмаслиги ҳамда доривор ўсимликларнинг яшовчанлигига зарар етказмаслиги лозим.

Йиғиб олиш жараёнида доривор ўсимликлар йиғиб олинадиган майдондаги ушбу доривор ўсимлик турларининг тарқалиш зичлиги аниқланиши керак.


26. Ўсимликларни йиғиб олишнинг шундай тизимларидан фойдаланиш керакки, улар атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаслиги зарур. Мақбул тизимни танлаш ўсимлик турининг ўзига хослиги ва қайси қисм(лар)и йиғиб олинишига боғлиқ ҳолда амалга оширилиши лозим.

Масалан: дарахт ёки буталарнинг илдизларини йиғиб олишда уларнинг асосий илдизлари сақлаб қолинган ҳолда қазиб олиниши ва фақат баъзи ён илдизлари кесиб олиниши ёки доривор хом ашё пўстлоғи бутунлай тозаланмасдан, бўйлама чизиқ йўналишида, фақат бир томонидан кесиб олиниши мумкин.


27. Доривор ўсимликларни кўп миқдордаги пестицидлар ва бошқа зарарловчи моддалар қўлланиладиган жойда ёки уларга яқин жойларда, масалан, йўллар, дренаж ариқлари, шахталар ва заҳарли моддалар чиқарилиши мумкин бўлган саноат майдончаларида тўплаш мумкин эмас.

Доривор ўсимликларни гўнгдаги микроблар билан ифлосланишининг олдини олиш мақсадида уларни яйлов жойларида ва уларнинг яқинида, шунингдек дарёларнинг қуйи оқимидаги қирғоқларда йиғилишига йўл қўйилмайди.


28. Йиғиб олинган доривор ўсимлик хом ашёсини бирламчи ишлов бериш жойига ташиш вақтида у ҳашаротлар, кемирувчилар, қушлар ва бошқа зараркунандалардан, шунингдек чорва ва уй ҳайвонлардан сақланиши лозим.


29. Агар доривор ўсимлик хомашёсини йиғиш жойи уни қайта ишлаш жойидан узоқ масофада жойлашган бўлса, доривор ўсимлик хом ашёсини ташишдан олдин уларни очиқ ҳавода қуритиш зарур.

Сарҳил ҳолда қайта ишлаш талаб этиладиган доривор ўсимлик хом ашёсининг сифати микробли ферментация ва иссиқлик таъсирида бузилишининг олдини олиш мақсадида у қисқа вақтда йиғиб олиниб, дарҳол қайта ишлаш жойига етказилиши керак.

Доривор ўсимликларнинг бир нечта қисмлари йиғиб олинганда, улар алоҳида идишларда йиғилади ва ташилади. Бунда, уларнинг ўзаро аралашиб кетмаслиги таъминланиши лозим.


30. Доривор ўсимлик хомашёсини йиғиб олиш жараёнида ишчилар дерматит қўзғатувчи ва заҳарли ўсимликлар, касаллик ташувчи ва заҳарли ҳашаротлардан ҳимоя воситаларидан фойдаланиши лозим.



4-БОБ. ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАРНИ

МАДАНИЙЛАШТИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ

УМУМИЙ ТЕХНИК ЖИҲАТЛАРИ


1-§. Йиғиб олишдан кейин ишлов бериш.

Текшириш ва саралаш

        

31. Доривор ўсимлик хомашёсини бирламчи қайта ишлашдан олдин уларни текшириш ва саралаш керак. Текшириш қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

бегона ўсимликлар ва/ёки уларнинг қисмлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини визуал текшириш;

бегона моддалар (тош, метал бўлаклари ва бошқалар) мавжуд ёки мавжуд эмаслигини визуал текшириш;

органолептик баҳолаш, масалан ташқи кўриниши, шикастланганлиги, ҳажми, ранги, ҳиди ва мумкин бўлганда таъмни баҳолаш.

Текшириш усуллари амалдаги миллий фармакопея ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига мос келиши керак.


32. Плантациялар ёки ўтлоқлардан йиғиб олинган доривор ўсимлик хом ашёси қайта ишлаш майдончасига етказиб берилгандан сўнг, ташиш воситасидан дарҳол туширилиши ва қадоқлардан чиқарилиши (қадоқлаб етказилган бўлса) керак.


33. Доривор ўсимлик хом ашёси музлатгичларда, махсус контейнерларда, қум солинган қутиларда ёки уларнинг сифатини таъминловчи бошқа тегишли усуллардан фойдаланган ҳолда сақланиши лозим. Доривор ўсимлик хом ашёсини сақлаш вақтида, зарурат бўлмаса, консервантлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Бунда, сақлаш вақтида консервантлардан фойдаланилса, ушбу консервантлар амалдаги фармакопея ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига жавоб бериши ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги ёзувлар қайд этиб борилиши лозим.


34. Ўсимликлардан олинган барча доривор хом ашё маҳсулотлари бирламчи қайта ишлаш босқичларида текширилиши ва сифатсиз маҳсулотлар, бегона моддалар механик усулда тозаланиши керак (масалан, қуритилган доривор ўсимлик хом ашёсини текшириш, фильтрлаш ёки ранги ўзгарган, мўғорланган ва шикастланган хом ашёни, шунингдек тупроқ, тош ва бошқа бегона моддаларни олиб ташлаш учун элакдан ўтказилиши мумкин).


35. Қайта ишланган доривор ўсимлик хом ашёси ифлосланиш ва парчаланишдан, шунингдек ҳашаротлар, кемирувчилар, қушлар ва бошқа зараркунандалар, уй ҳайвонлари ва чорва молларидан ҳимояланган бўлиши керак.



2-§. Қуритиш

         

36. Доривор ўсимлик хом ашёсини кукун шаклига келтириш жараёнида унга моғор ёки микробларнинг тушиши хавфини камайтириш мақсадида хом ашёнинг намлик миқдорини минимал даражада ушлаб туриш керак. Доривор ўсимлик хом ашёсининг ўзига хос турлари учун намликнинг рухсат этилган даражаси амалдаги фармакопеяда ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларда белгиланади.

Доривор ўсимлик хом ашёси турли усулларда (очиқ ҳавода, қуритиш рамкаларига юпқа қатлам қилиб ёйиш усулида, сим тўрли хоналар ва биноларда, тўғридан-тўғри қуёш нури остида (мумкин бўлганда), печларда/хоналарда, оловнинг бевосита таъсири остида, тоблаб қиздириш ёрдамида, лиофилизация усулида (сублимацион қуритиш), индукцион қуритиш усулида, инфрақизил нурланиш мосламаларидан фойдаланган ҳолда) қуритилиши мумкин. Амалдаги усул ва қуритиш ҳарорати доривор ўсимлик хом ашёсининг сифатига сезиларли таъсир кўрсатишини ҳисобга олган ҳолда уларни қуритиш шартлари тўғрисидаги ёзувлар юритилиши лозим.


37. Доривор ўсимлик хом ашёси очиқ ҳавода қуритилганда, у қуритиш токчаларига юпқа қатлам қилиб ёйилиб, тез-тез аралаштириб ёки айлантириб турилиши лозим. Бунда, ҳавонинг тўғри айланишини таъминлаш учун қуритиш токчалари ердан етарлича баландликда жойлаштирилиши керак. Моғор пайдо бўлишининг олдини олиш учун доривор ўсимлик хом ашёсини бир текисда жойлаштириш зарур.


38. Доривор ўсимлик хом ашёсини тўғридан-тўғри ер юзасида қуритишга йўл қўйилмайди. Бетон ёки тошли юзаларда қуритишда, доривор ўсимлик хомашёси брезент ёки шунга ўхшаш бошқа мато ёки қопламага ётқизилиши керак. Бунда, хом ашёни ҳашаротлар, кемирувчилар, қушлар ва бошқа зараркунандалар, шунингдек чорва моллари ва уй ҳайвонлари бор жойларда қуритишга йўл қўйилмайди.

Хом ашёни бино ичида қуритганда қуритиш муддати, ҳарорат, намлик ва қуритиш учун бошқа шартлар ўсимликларнинг фойдаланиш учун мўлжалланган қисмларига (барглар, поялар, пўстлоқлар, гуллар ва бошқалар) ва эфир мойлари каби ҳар қандай учувчи моддалар мавжудлигига қараб белгиланиши керак.


39. Оловнинг бевосита таъсири остида қуритиш учун иссиқлик манбалари сифатида бутан, пропан ёки табиий газдан фойдаланилади ва бунда ҳарорат 60°C дан юқори бўлмаслиги керак.



3-§. Махсус ишлов бериш

       

40. Доривор ўсимлик хом ашёсининг сифатини ошириш мақсадида уларнинг айрим турлари учун махсус ишлов беришни назарда тутувчи қуйидаги усуллардан фойдаланилади:

қуритиш вақтини қисқартириш;

мавжуд токсик компонентларни зарарсизлантириш ва терапевтик самарадорликни ошириш.


41. Доривор ўсимлик хом ашёси (дастлабки ёки қайта ишланган) амалдаги фармакопея ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ ҳолда тамғаланган бўлиши керак.



4-§. Ишлов бериш воситалари ва ишлаб

чиқариш объектларига талаблар

        

42. Ишлаб чиқариш объектлари ёқимсиз ҳид, тутун, чанг ёки бошқа ифлослантирувчи моддалар бўлмаган ва сув босмайдиган жойда жойлашган бўлиши керак.

Ишлаб чиқариш объектида дренаж тизимлари ва уларни тозалаш имконияти мавжуд бўлиши керак.


43. Қуритиш ва майдалаш жараёнида ифлосланиши мумкин бўлган майдонлар тоза майдонлардан алоҳида ажратилган бўлиши керак. Биноларни қуришда доривор ўсимлик хом ашёсига зарарли таъсир этувчи моддаларни ўтказмайдиган ва заҳарли буғларни чиқармайдиган материаллардан фойдаланиш керак. Зарур даражада тозалаш ва дезинфекциялаш имкони бўлмаган материаллардан (масалан, ёғоч) фақатгина улар ифлосланиш манбаи ҳисобланмайдиган ҳолатларда фойдаланилиши мумкин.

Ишлаб чиқариш биноларида:

доривор ўсимлик хом ашёси корхонага келиб тушган пайтдан бошлаб юборишгача бўлган ишларни гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш;

ҳарорат ва намликни тўғри назорат қилиш;

ўзаро ифлосланишга олиб келиши мумкин бўлган жараёнларни (тўсиқлар ёки бошқа усуллар билан), айниқса тез ифлосланадиган жойларни (қуритиш ва майдалаш майдонлари) тоза жойлардан ажратиш;

тозалашни осон амалга ошириш ва гигиена қоидаларига риоя қилишни назорат қилиш;

ташқи муҳитдан тутун, чанг ва бошқа шу каби ифлослантирувчи моддалар киришининг олдини олиш;

ҳашаротлар, шунингдек чорва моллари ва уй ҳайвонларининг киришининг олдини олиш;

зарур ҳолларда, биноларнинг айрим қисмларига қуёш нурларининг тўғридан-тўғри тушишига йўл қўймаслик лозим.


44. Доривор ўсимлик хом ашёсини қайта ишлаш майдонлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

поллар сувга чидамли, сув ўтказмайдиган, ювилиши мумкин бўлган, сирпанмайдиган ва заҳарли бўлмаган материаллардан тайёрланган бўлиши ҳамда осон тозаланиши ва дезинфекцияланиши учун ёриқларсиз бўлиши керак. Зарур ҳолларда, полда суюқликларнинг оқиб кетиши учун етарлича қияликка эга бўлган новлар бўлиши лозим;

деворлар ишлов бериш жараёнлари учун зарур бўлган баландликда текис ва ёриқсиз ҳамда осон ювиладиган ва дезинфекцияланадиган бўлиши керак. Зарур ҳолларда, деворлар сувга чидамли, сув ўтказмайдиган, ювилиши мумкин бўлган материаллар билан қопланган бўлиши зарур. Деворлар оч ранглар билан бўялиши лозим;

шифтлар ювиш учун қулай бўлиши зарур;

деразалар ва бошқа тешиклар ҳашаротларга қарши тўрлар билан жиҳозланган бўлиши керак. Тўрлар ювиш учун осонгина олинадиган бўлиши ва бут ҳолатда сақланиши керак;

эшиклар текис, сув ўтказмайдиган юзага эга бўлиши керак;

шифтга ўрнатиладиган мосламалар ва ёритиш асбоблари шундай ўрнатилиши керакки, бунда намлик конденсацияси, томчи тушиши натижасида дастлабки ёки ишлов берилган доривор ўсимлик хом ашёси зарарланишининг олди олиниши керак. Уларнинг конструкцияси, дизайни ва қопламаси кирнинг тўпланишига йўл қўймаслиги, шунингдек ювиш учун қулай бўлиши лозим;

яшаш, овқат пишириш, овқатланиш, кийим алмаштириш жойлари, ҳожатхоналар ва ҳайвонларни сақлаш жойлари доривор ўсимлик хом ашёсини қайта ишлаш жойларидан тўлиқ ажратилган бўлиши зарур.


45. Ишлаб чиқариш ҳудудида етарли босим ва ҳароратдаги, сақлаш (зарур бўлса) ва узатиш мосламалари билан жиҳозланган ҳамда ифлосланишдан яхши ҳимояланган сувнинг етарли захиралари бўлиши лозим.

Муз ичимлик сувидан тайёрланиши ҳамда уни ишлаб чиқариш, сақлаш ва ишлатишда ифлосланишларнинг олди олиниши лозим.

Доривор ўсимлик хом ашёси билан бевосита алоқада бўладиган буғ ёки доривор ўсимлик хом ашёсига тегиб турувчи юзалар таркибида соғлиқ учун хавф туғдирувчи ёки доривор ўсимлик хом ашёсини ифлослантирувчи моддалар бўлмаслиги керак.

Буғ ишлаб чиқариш, музлатиш, ёнғинни назорат қилиш ва қайта ишлаш жараёни билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиладиган ичимлик бўлмаган сувнинг ичимлик суви қувурларига боғланишига йўл қўйилмайди. Зарурат бўлса, қувурлар ажратувчи рангда бўлиши керак.

Бунда, ювиш ва стериллаш жараёнлари учун ҳам ичимлик сувидан фойдаланилади.


46. Корхоналарда оқова сувлар ва чиқиндиларни оқизишнинг самарали тизимлари бўлиши, улар доимо мақбул ва ишчи ҳолатда сақланиши керак. Оқова сув тизимлари катта оқимлар учун етарлича кенг бўлиши зарур.


47. Қўл ювиш хоналари иссиқ ва совуқ сув, тегишли ювиш ва қўлларни қуритиш воситалари ҳамда бошқа гигиеник воситалар билан таъминланиши зарур. Агар қоғоз сочиқ ишлатилса, қўл ювиш мосламаси ёнида қоғоз сочиқ учун диспенсерлар ва ишлатилган қоғоз сочиқлар учун саватлар ўрнатилиши керак. Ходимлар ҳожатхонага борганидан кейин қўлларини ювиш кераклиги ҳақида эслатмалар қўйилиши керак.


48. Ишлаб чиқариш биносида ортиқча иссиқлик, буғ ва чанг тўпланишининг олдини олиш ва ифлосланган ҳавони чиқариб ташлаш мақсадида шамоллатиш тизимлари мавжуд бўлиши зарур. Ифлосланган ҳавонинг тоза ҳаволи хоналарга киришига йўл қўйилмаслиги лозим. Шамоллатиш тешиклари зангламайдиган материаллардан тайёрланган қопқоқ ёки бошқа ҳимоя тўсиқлар билан ёпилиши керак. Қопқоқлар тозалаш мақсадларида осонлик билан олинадиган бўлиши керак.

Барча совутиш хоналари ҳароратни ўлчаш ёки қайд қилиш асбоблари билан жиҳозланган бўлиши керак.


49. Фойдаланишга яроқсиз хом ашё ва чиқиндиларни объект ҳудудидан олиб чиқиш учун олдиндан тайёрланган жойлар ва чиқинди қутилари ўрнатилиши ва улар ҳар куни бўшатилиши лозим.

Яроқсиз хом ашё ва чиқиндилар учун контейнерлар герметик, металл ёки бошқа сув ўтказмайдиган материаллардан тайёрланган, осон тозаланадиган ёки бир марталик ишлатиладиган ҳамда маҳкам ёпиладиган бўлиши керак.


50. Чиқиндилар ва яроқсиз хом ашё учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар ажратиш белгиларига эга бўлиши ва истеъмолга яроқли доривор ўсимлик хом ашёлари учун ишлатилмаслиги керак.



5-§. Қадоқлаш ва ёрлиқлаш

        

51. Қайта ишланган доривор ўсимлик хом ашёси бузилишининг олдини олиш, зараркунандалар ва бошқа ифлосланиш манбаларининг кириб келишидан ҳимоя қилиш мақсадида имкон қадар қисқа муддатларда қадоқланиши керак.

Қадоқлашгача бўлган жараёнда ва қадоқлаш босқичларида сифатсиз хом ашё, шунингдек ифлослантирувчи ҳамда бегона моддалар билан аралашишлар миқдорини камайтириш учун доимий технологик сифат назорати амалга оширилиши зарур. Қайта ишланган доривор ўсимлик хом ашёси техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ тоза ва қуруқ қутиларга, қопларга, халталарга ёки бошқа идишларга қадоқланиши керак.

Қадоқлаш учун ишлатиладиган материаллар атроф-муҳитни ифлослантирмаслиги лозим. Улар бут ҳолда, шунингдек тегишли доривор ўсимликлар хом ашёси сифатига қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлиши керак. Мўрт (синувчан) доривор ўсимлик хом ашёси қаттиқ идишга қадоқланиши зарур.


52. Қайта фойдаланиш мумкин бўлган қадоқлаш материалларидан фойдаланишда, ушбу материаллар аввал қадоқланган хом ашёнинг қолдиқларидан пухталик билан тозаланиши (дезинфекция қилиниши) ва қуритилиши керак.

Барча қадоқлаш материаллари тоза ва қуруқ жойда, зараркунандалар ва бошқа ифлосланиш манбалари, шунингдек чорва моллари ва уй ҳайвонлари ета олмайдиган жойда сақланиши лозим.


53. Ёрлиқлаш фармакопея ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилади.



6-§. Сақлаш ва транспортда ташиш

       

54. Доривор ўсимлик хом ашёсини ишлаб чиқариш жойидан сақлаш ва қайта ишлаш жойига ташиш учун фойдаланиладиган транспорт воситалари ҳар бир ташишдан сўнг тозаланиши керак.


55. Органик усулда етиштирилган доривор ўсимлик хом ашёси алоҳида ёки унинг яхлитлигини кафолатлайдиган ҳолатда сақланиши ва ташилиши керак.

Заҳарли доривор ўсимлик хом ашёсини сақлаш ва транспортда ташишда хавфсизлик чоралари кўрилиши лозим.

Зарур бўлганда, янги доривор ўсимлик хом ашёлари етарлича паст ҳароратларда (одатда 2 - 8°C), музлатилган маҳсулотлар -20°C дан паст ҳароратда сақланиши керак.


56. Зараркунандаларга қарши фумигация фақат зарур ҳолларда амалга оширилиши керак. Ўтказилган барча фумигациялар, ишлатилган фумигантлар ва уларни қўллаш саналари қайд этиб борилиши лозим. Музлатиш ёки тўйинган буғлаш каби зараркунандаларга қарши кураш усулларини қўллагандан кейин хом ашёнинг намлик даражасини текшириш керак.



7-§. Сифатни таъминлаш

           

57. Корхонада доривор ўсимлик хом ашёсини ишлаб чиқариш бўйича барча жараёнлар ва операциялар, шунингдек уларни амалга ошириш саналари қайд этиб борилиши зарур. Шунингдек, корхонада уруғлар ва бошқа кўпайтириш материаллари, маданийлаштириш ёки йиғиш жойлари, экинларни алмаштириш, ўғитлар, ўсиш регуляторлари, пестицидлар ва гербицидларни қўллаш, доривор ўсимлик хом ашёларининг сифатига (шу жумладан кимёвий таркибига) таъсир қилиши мумкин бўлган ноодатий ҳолатлар (масалан, экстремал об-ҳаво шароити, хавфли моддалар ва бошқа ифлослантирувчи моддаларнинг таъсири ёки зараркунандаларнинг тўсатдан ҳужуми), ҳосилни йиғиб олиш, барча қайта ишлаш жараёнлари, ташиш, сақлаш, фумигантлардан фойдаланиш ҳақидаги ёзувлар юритилиши лозим.


58. Корхонада гербарий намуналари тайёрланиши ва сақланиши зарур. Шунингдек, зарурат бўлганда, етиштирилган ёки йиғиб олинган жойнинг фотосуратлари ёки видео ёзувлари олиниши керак.

           

              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz).











































































Время: 0.0187
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск